Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 20 February 2016 14:01

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Ўтган суҳбатимизда таъкидлаганимиздек,  буюк сўз санъаткори  Ҳофиз  ўзининг оташин ҳис туйғулари, риндона кайфиятини ифодалаш учун  ғазал шаклидан, унинг нозик  ва нафис  хусусиятларидан фойдаланди.

Биринчи навбатда, уларнинг ғазал жанрининг кенглиги, мазмунининг ранг-баранглиги, бойлиги, сўз маъносининг оҳангдорлиги, шаклининг янгилиги, шарқона нафис ҳиссиёт ва бадиий хусусиятлари шеърият мухлисларини  ром этди. Ҳофиз ғазалларида шоирга хос эрксеварлик ва ҳурфикрлиликдан ташқари  шундай гавҳарсифат дурдона байтлар мавжудки, уларда шоирнинг юракдаги энг пинҳоний, ўйноқи, жўшқин  фикрлари, энг энг гўзал ҳис -туйғулари акс этган.

  Ҳофиз ижоди  ва адабий меросининг  асосий қисмини ғазаллар ташкил этади. Ана  шу ғазалларни ёзишда Ҳофиз вужудини, замирини риндлик  ва сармастлик ҳиссиёти  ва жозибаси чулғаб олади, шунинг учун унинг байтларида, сатрларида сармаст ринднинг қайноқ ва жўшқин  ҳис- ҳаяжонлари жўш уради. Шу боис унинг шеърларини бутун жаҳон ўқувчилари севиб ўқийди.

Олмонияда тахминан 1830 йилларда романтизм мактаби унутила бошланди ва 1848 йилда эса мамлакатда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар зиёлиларнинг реализм томонга юзланишларига сабаб бўлди. Хулоса қилиб айтганда, олмон адабиёти  Эмил Золя, Мопассан, Шопенгауэр, Нитце, Толстой ва Достоевский каби йирик адиблар нуфузи билан натурализм  йўналишида етуклик йўлини излади. Аммо Гёте қўлига  қалам олганидан бошлаб инсоният тақдири ҳақида фикр юритди ва инсон ҳаётини қаламга олди. У жаҳон адабиётининг ҳақиқий пешқадамларидан бири эди.  Гёте Ҳофиздек улуғ шоир билан ошно бўлгани, унинг маънавий мадади туфайли дунё аҳлига манзур бўлган асарлар яратди.

 Aмерикалик таниқли шоир Амерсон ёзган эди: " Ҳар қандай сайёҳлар ва шуҳратпарастлар қанчалик улуғ бўлмасинлар, ўтадилар ва унутиладилар, аммо Ҳофиз ва Шекспирнинг илоҳий нағмалари замон ўтиши билан янада юксакроқ  ва илоҳийроқ бўлаверади."

Айниқса, Нитшенинг Ҳофиз ҳақида ёзганлари эсда қоларлидир: " У (Ҳофиз) Эрон даҳосининг  илоҳий  Семурғидир".

Гёте "Шарқу Ғарб девони" китобида Ҳофизга қараб шундай мурожаат этади: "Эй Ҳофиз, сенинг сўзинг адабиёт сингари буюкдир, чунки унинг боши ва охири йўқ.Агар бир кун келиб дунё поёнига етса, эй  илоҳий Ҳофиз, орзум шуки, сен билан бўлсам, сенинг ёнигда турсам. Сен билан бирга бода ичсам ва сендай севсам, чунки бу менинг ҳаётим ифтихори ва моҳиятидир."

Дарҳақиқат, Гётени "Жаҳон адабиёти" хазинасга кириш эшигининг калити деб аташ мумкин, чунки тадқиқотчиларнинг ёзишича, ғарбий европаликларнинг Шарқ назарий қарашлари ва фалсафаси билан яқиндагн танишуви 18 аср ўрталаридагина рўй берди. Бу пайтда Ғарб маданиятидан чарчаган европалик баъзи бир зиёлилар янги фикр ва қарашлар пайида эдилар.шунинг учун бир гуруҳ францияликлар Африка ва Америка маданиятига мойиллик кўрсата бошладилар, Олмония эса Осиёни танлади.Табиийки, олмониялик математик ва географ Адам Олеорис сингари машҳур сайёҳларнинг сафарномалари бу борада катта рол ўйнади. У биринчи марта  таржимон сифатида бир гуруҳ ватандошлари билан Эронга келган эди. Ана шу сафар натижаси ўлароқ  у Эрон ҳақида иккита сафарнома ёзди." Минг бир кеча" эртаклари ҳам Францияда 1708 йилда гўзал безаклар билан нашр этилиб, уларнинг Шарқ  мамлакатлари ва халқлари расм -русуми, одоб ахлоқи билан яқиндан танишиш учун ўзига хос замин ҳозирлади.

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Соқиё, кел энди сунгил жомни,
Жойла тупроққа ғами айёмни.
Бер қўлимга бир пиёла май шу дам,
Ташлайин малла тўну эҳромни.
Ақл элича бу ёмонлик бўлса ҳам,
Истамаймиз шарму ору номни.
Бода сун ҳам ушбу мағрурликдан,
Тинчланиб қўй нафси беоромни.
Бу ёниқ кўксимдан оҳим ўтлари —
Тушди, куйдирди шу бағри хомни.
Ўз дилим сиррига маҳрам топмадим,
Изладим ҳар қанча хосу омни.
Бир дилором ила кўнглим шод эрур,
Элтди дилдан бир йўла оромни.
Боқмагай ҳаргиз чаманда сарвга,
Кимки кўрса ул сиҳиандомни.
Сабр қил, Ҳофиз, туну кун ранжига,
Бир куни топгайсан албат комни.

Францияда 18 аср охирларида Хожа Ҳофиз девонини таржима қилишга киришилди, аммо унинг девонини  тўла- тўкис таржима қиладиган таржимон йўқ эди, чунки французлар Шарқ халқлари урф- одати ва маданияти, адабий услублари ҳамда  ийҳом санъати ва уларнинг мазмун- моҳиятидан узоқ эдилар. Уилям Жонс деган шоир Хожа Ҳофиз ғазалиётидан баъзи намуналарни инглиз тилига ҳамда 1770 йилда унинг ўнучта ғазалини француз тилига ўгирди. Ундан сўнг Дефремери, Николас, Шарл Девиллер каби ёш шарқшунослар етишиб чиқдилар.1927 йилда Артур Ҳофизнинг 175та ғазалини таржума қилди. Сўнг Шарқ адабиёти ва маданиятини ўрганиш соҳасида Масье, Винсен Монтес, Руже  Леску кабилар  кўзга кўриниб қолдилар. Бироқ улар ҳам Хожа Ҳофиз ғазалларини тўлиқ таржима қила олмадилар. Франция бадиий таржимачилик  соҳасида Андре  Шениер маълум даражада муваффақиятга  эришди. У 1787 йилда 4 йилча Франциянинг Лондондаги  консули вазифасида ишлаган чоғида Уилям Жонсондан форс тилини ўрганди. Ана шу пайтларда  у Ҳофиз ғазаллари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Уильям Жонс форс тилидан таржима қилишга киришиб, Ҳофизнинг биринчи ғазали ва бошқа баъзи шоирларнинг шеърларидан бир неча намунани инглис тилига ўгиришга муваффақ бўлди. Қизиғи шундаки, У. Жонс форс тили дарслигини ёзди ва ўзининг форс тилидан қилган шеърий таржималарини ҳам шу китобга илова сифатида киритди.   

Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh