Олдинги сайтимиз бекор қилинди. Ҳозирги сайтимиз Parstoday Uzbek
Saturday, 13 February 2016 19:33

Форсий қанд ҳаловати

Форсий қанд ҳаловати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз.Бугунги суҳбатимиз ҳам  буюк Ҳофиз Шерозийнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.

Ўтган суҳбатимизда таъкидлаганимиздек,  Ҳофиз Шерозийнинг аниқ маълумотларга асосланган асл  таржимаи ҳоли ёки ўзининг тили билан айтилган мукаммал ва муфассал биографик маълумотлар мавжуд эмас.Хожа Ҳофиз ҳаёти ҳақидаги тасаввурларимиз тазкиралар маълумотларига асосланиб, уларнинг ҳам  кўпгина қисми бир- бирини қайтардади. Баъзида эса тарихий маълумотлар  ривоят тарзида оғиздан- оғизга ўтиб, афсона тусини олади.   

У музаффарийлар ҳукмронлиги пайтида Форс ва Шероз мулкида яшаган, аммо ғурури баландлигидан  ўткинчи дунёга бўйин эгмаган, такаллуфсиз ҳаёт кечирган.

“...Ҳофиз билан ҳатто юзаки танишиб чиққан киши , шубҳасиз,  икки ҳақиқатнинг гувоҳи бўла олади.

Биринчиси, шоирлар ва мутафаккирлар ижодида бизни ҳайратга солаётган юксакликка инсон руҳи алақачон кўтарилган. Иккинчиси, қайси заминда ва қайси даврда ўсланлигидан қатъи назар, ҳақиқий шеърият  чечаклари асло сўлмайди, деб ёзган эди таниқли рус шоири А.Фет.

Буюк сўз санъаткори  ўзининг оташин ҳис туйғулари, риндона кайфиятини ифодалаш учун  ғазал шаклидан, унинг нозик  ва нафис  хусусиятларидан фойдаланди.

Жаҳон миқёсида ном таратган буюк шоирлар, аввало, миллий  замин ва муҳитда туғилади, улғаяди. Ўз ватанида ўз халқи томонидан  эътироф  эътилган  улуғ адиб жаҳон  адабиётига ҳам йўл олади, унда адабий шуҳрат қозониб, инсониятнинг дилкаш куйчиси бўлиб қолади. Ҳофиз ана шундай шоирлар сирасига  мансубдир.18 аср охирларида Ҳофиз Шерозий Европа  мамлакатлари ўқувчиларига таржима орқади кенг танилади. 19 аср бошидан эса Гётенинг " Шарқу Ғарб девони" китобининг "Ҳофизнома" бўлими туфайли жаҳон адабиётида муносиб ўрин эгаллади ва шуҳрат қозонади. Европа ўқувчиларини Ҳофиз ижодининг нимаси ҳайратга солди ва жаҳон шеърияти мухлислари қалбини нима забт этди?

Биринчи навбатда, уларнинг ғазал жанрининг кенглиги, мазмунининг ранг-баранглиги, бойлиги, сўз маъносининг оҳангдорлиги, шаклининг янгилиги, шарқона нафис ҳиссиёт ва бадиий хусусиятлари ром этди. Кейинчалик улар бошқа шоирлар ғазалиёти билан танишишди ва уларни образли тизимидан  ҳам битмас тугатмас эстетик завқ олдилар, аммо уларнинг ғазал жанри билан биринчи танишув қувончи,  шавқ- завқи айнан Ҳофиз ғазалиёти билан боғлиқ бўлиб қолаверади.

Ҳофиз ғазалларида шоирга хос эрксеварлик ва ҳурфикрлиликдан ташқари  шундай гавҳарсифат дурдона байтлар мавжудки, уларда шоирнинг юракдаги энг пинҳоний, ўйноқи, жўшқин  фикрлари, энг энг гўзал ҳис туйғулари акс этган.

Унинг шеъриятида инсоният замиридаги ҳис- туйғулар, риндона кайфият касб этиб, эрксеварлик, дилкашлик, хайрихоҳлик каби фазилатлар улуғланади.

  Ҳофиз ижоди  ва адабий меросининг  асосий қисмини ғазаллар ташкил этади. Ана  шу ғазалларни ёзишда Ҳофиз вужудини, замирини риндлик  ва сармастлик ҳиссиёти  ва жозибаси чулғаб олади, шунинг учун унинг байтларида, сатрларида сармаст ринднинг қайноқ ва жўшқин  ҳис- ҳаяжонлари жўш уради. Шу боис унинг шеърларини бутун жаҳон ўқувчилари севиб ўқийди.

Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади. Энди эса улуғ Ҳофизнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Чолғучи, айлагил наво янги ва янги, хилма-хил,
Изла шароби дилкушо янги ва янги, хилма-хил.
Кўнглинг очувчи ёр ила, хилват ўтир нигор ила,
Бўса-ла ком этиб раво, янги ва янги, хилма-хил.
Сенга тилак бўлурму ром, кўтармасанг қадаҳ мудом,
Иди-ла майни ич расо янги ва янги, хилма-хил.
Нима қилсанг, гўзал пари, қилгуси мен учун бари
Ранг ила ўсмаву ҳино янги ва янги, хилма-хил.
Тонг ели, эссанг ҳар қачон гар ўша дилбарим томон,
Ҳофизнинг арзин эт адо янги ва янги, хилма-хил.

Олмонияда тахминан 1830 йилларда романтизм мактаби унутила бошланди ва 1848 йилда эса мамлакатда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар зиёлиларнинг реализм томонга юзланишларига сабаб бўлди. Хулоса қилиб айтганда, олмон адабиёти  Эмил Золя, Мопассан, Шопенгауэр, Нитце, Толстой ва Достоевский каби йирик адиблар нуфузи билан натурализм  йўналишида етуклик йўлини излади. Аммо Гёте қўлига  қалам олганидан бошлаб инсоният тақдири ҳақида фикр юритди ва инсон ҳаётини қаламга олди. У жаҳон адабиётининг ҳақиқий пешқадамларидан бири эди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, дарҳақиқат, Гёте жаҳон адабиёти ва санъати қасрининг йирик меъморларидан биридир. Эрон Ҳофизни ўстириб улғайттирган бўлса, Гётенинг "Шарқу Ғарб девони" Эронни безатди. Гёте Ҳофиздек улуғ шоир билан ошно бўлгани, унинг маънавий мадади туфайли дунё аҳлига манзур бўлган асарлар яратди.Ҳатто Андре Жит ҳам ўзининг икки эҳтиросини изҳор қилишини хоҳлаган пайтда айтар экан: "Ўзимни  гўё Ҳофиз йиғинида сезаман." 

Қадрли тингловчилар, "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.  

 

Media

Add comment


Security code
Refresh